Ўзбекистон ва Польша ўртасида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Агзамходжаев Польша Республикаси парламенти Сенати Эмиграция ишлари ва хориждаги поляклар билан алоқалар комиссияси раиси Богдан Борусевич бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Польша ўртасида парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат халқларининг тарихий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги муносабатларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида парламентлараро ҳамкорлик асосида икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини ошириш, Европа Иттифоқи бозорларига миллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, савдо уйларини ташкил этиш, шунингдек, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, таълим ва ҳудудлараро ҳамкорлик йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратилди.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга депортация қилинган Польша фуқароларига нисбатан ўзбек халқи томонидан кўрсатилган меҳр-оқибат ва меҳмондўстлик алоҳида қайд этилди. Мамлакатимиз ҳудудида дафн этилган поляклар хотираси эъзоз билан ёдга олинди.
Богдан Борусевич Иккинчи жаҳон уруши даврида поляк халқига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами ҳамда юртимиздаги поляклар қабристонларига қаратилаётган эътибор ва олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари учун ўзбек халқига чуқур миннатдорлик изҳор этди.