Ўзбекистон ва Покистон Савдо-саноат палаталари ҳамкорлигида Тошкентда халқаро конференция ташкил этилади — UzDaily.uz
Валюта курслари 11/09/2025
$1 – 12360.86
UZS – 0.05%
€1 – 14479.51
UZS – -0.41%
₽1 – 145.66
UZS – -1.9%
Қидириш
Ўзбекистон ва Покистон Савдо-саноат палаталари ҳамкорлигида Тошкентда халқаро конференция ташкил этилади

Ўзбекистон ва Покистон Савдо-саноат палаталари ҳамкорлигида Тошкентда халқаро конференция ташкил этилади

Ўзбекистон ва Покистон Савдо-саноат палаталари ҳамкорлигида Тошкентда халқаро конференция ташкил этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси биносида Покистон Ислом Республикасининг Равалпинди Савдо ва саноат палатаси (RCCI) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов, RCCI вице-президенти Фаҳад Барлас ҳамда “36-халқаро ютуқлар мукофотлари ва бизнес имкониятлари конференцияси” раиси Шаҳраиз Ашраф Малик иштирок этдилар.

Равалпинди Савдо ва саноат палатаси (RCCI) 1952 йилда ташкил этилган бўлиб, Покистоннинг етакчи бизнес тузилмаларидан бири ҳисобланади. RCCI томонидан ўтказиладиган International Achievement Awards (RIAA) ва Business Opportunities Conference (BOC) каби нуфузли тадбирлар БАА, Туркия, Озарбайжон, Шри-Ланка, Малайзия ва Миср каби мамлакатларда муваффақиятли ташкил этилган.

Томонлар учрашув давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиб, 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “36-халқаро ютуқлар мукофотлари ва бизнес имкониятлари конференцияси”ни ташкил этишга оид масалаларни кўриб чиқдилар.

Анжуманда қишлоқ хўжалиги ва агроинновациялар, текстиль ва енгил саноат, логистика ва транспорт хизматлари, энергетика ва “яшил” лойиҳалар, туризм ва сервис хизматлари, фармацевтика ва тиббий ускуналар йўналишлардаги етакчи компаниялар иштирок этиши кутилмоқда.

Конференция доирасида халқаро сармоядорлар ва бизнес доира вакиллари иштирокида инвестиция лойиҳалари тақдим этилади, ҳамкорлик меморандумлари имзоланади ва қўшма корхоналар тузиш имкониятлари муҳокама қилинади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг