Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда Покистон Ислом Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров бошчилигидаги делегация Покистон Ислом Республикаси Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқот вазирлиги Федерал котиби Саиф Анжум билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар тарихий ва савдо алоқаларига таянган ҳолда амалий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Музокаралар чоғида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш, хусусан картошка, мева-сабзавот, гўшт ҳамда дукракли экинлар бўйича саноат кооперациясини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари орқали Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.
Фитосанитария ва ветеринария йўналишларида экспорт протоколларини такомиллаштириш, карантин тартиб-таомилларини мувофиқлаштириш ҳамда гўшт маҳсулотлари учун совутилган (chilled) логистика занжирини ривожлантириш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ҳамкорлиги, уруғчилик ва селекция, инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли илмий муассасалар ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар қўшма ишчи гуруҳ фаолиятини фаоллаштириш, аниқ “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳамда Битим имзолаш бўйича келишувга эришдилар.
Қайд этилишича, мазкур музокаралар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли стратегик ҳамкорликни шакллантиришда муҳим қадам бўлди.