Ўзбекистон ва Palo Alto Networks стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШда “Palo Alto Networks” компаниясининг давлат сиёсати ва ҳукумат билан ҳамкорлик бўйича вице-президенти Даниел Кроэсе билан учрашув ўтказди.
Томонлар энг яхши халқаро амалиётлар ва тажрибаларни алмашиш, маълумотларни хавфсиз сақлаш, таҳдидларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича маслаҳатлар ва тренингларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда ёш стартап лойиҳаларини текшириш ва уларнинг хавфсизлик ҳамда технологик стандартларга мослигини баҳолаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув давомида сунъий интеллект, автоматлаштирилган мониторинг тизимлари, таҳдидларни аниқлаш алгоритмлари ва замонавий шифрлаш технологияларини Ўзбекистонда татбиқ этиш йўналишлари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва “Palo Alto Networks” ўртасида узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш, киберхавфсизлик бўйича янги дастурларни жорий этиш ва мамлакатда инновацион ечимлар ҳамда малакали кадрлар базасини ривожлантириш бўйича келишиб олдилар.