Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш қонуни маъқулланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 23 август) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Қонун билан ратификация қилинаётган мазкур Шартнома Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари томонидан 2024 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида имзоланган.
Мазкур Шартнома икки давлат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро муносабатларнинг янги босқичини шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутади.
Шунингдек, Шартномада томонларнинг бир-бирларига қарши қаратилган ҳеч қандай блоклар ёки иттифоқларда қатнашмаслик ҳамда Томонлардан бирининг фикри бўйича икки давлатнинг стратегик шериклиги ва иттифоқчилик муносабатларига зарар етказадиган ҳар қандай ҳаракатларда иштирок этишдан сақланиш каби мажбуриятлари белгиланган.
Қонун билан мазкур Шартноманинг ратификация қилиниши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч, дўстона алоқалар ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Шартнома сиёсий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратади.
Бундан ташқари, Шартнома икки мамлакатнинг ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш, логистика, энергетика, саноат, таълим ва туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини очиб беради.
Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.