Ўзбекистон ва Мўғулистон тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 14 июнь куни Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев “Hunnu Air” авиакомпанияси раҳбари Пуревжав Мунхжаргал билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Улан-Батор шаҳридан Тошкентга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, Мўғулистон фуқаролари учун Ўзбекистон аэропортлари орқали учинчи мамлакатларга транзит парвозларни амалга ошириш, икки мамлакат туризм салоҳиятидан, қолаверса, транзит юкларни ташиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ жиҳатлар кўриб чиқилди.
Учрашувда муҳокама этилган масалалар юзасидан томонлар келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олишди.