Ўзбекистон ва Миср соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров Миср Араб Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тамер Хаммад билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Мулоқот аввалида Алишер Темиров мамлакатимиздаги миллий регулятор тизими, унинг ривожланиш йўналишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тақдимот ўтказди. Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 19 августдаги “Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар муомаласини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–137-сон Фармони ижроси доирасида миллий регулятор тизимини такомиллаштириш, клиник тадқиқотлар соҳасини ривожлантириш, технология трансфери ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Учрашув давомида томонлар фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш, дори воситалари сифатини баҳолаш, халқаро стандартларга мувофиқ синов ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Жаноб Тамер Хаммад Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш Миср томонининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Элчи икки мамлакат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганини, бу жараёнда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш, ўзаро савдони кенгайтириш ва сармоявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Ташриф доирасида Элчи Марказнинг сифат назорати лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга аналитик усуллар, халқаро талабларга жавоб берувчи синов жараёнлари ҳамда лабораторияларда жорий этилган сифат менежменти тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.
Миср Араб Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тамер Хаммад Марказ лабораторияларининг юқори технологик имкониятларини юксак баҳолаб, Ўзбекистон фармацевтика тизимидаги ижобий ўзгаришлар, очиқлик ва инновацион ёндашувлар жадал олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.