Ўзбекистон ва Mansour Automotive автомобиль ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва инвестиция ҳамкорлигини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Mansour Automotive автомобиль ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва инвестиция ҳамкорлигини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Mansour Automotive Group компаниясининг бош ижрочи директори Анкуш Арора билан учрашув ўтказди.
Мулоқот доирасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш имкониятлари, аввало автомобилсозлик соҳасидаги истиқболлар муҳокама қилинди. Томонлар бозор конъюнктурасига доир масалалар юзасидан фикр алмашиб, Ўзбекистоннинг ички бозори ва экспортга йўналтирилган замонавий ишлаб чиқаришларни жойлаштириш учун юқори салоҳиятга эга эканини қайд этдилар.
Суҳбат давомида мамлакатда изчил шакллантирилаётган қулай инвестиция муҳити, шунингдек, хорижий инвесторлар учун мавжуд қўллаб-қувватлаш механизмларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Локализация жараёнларини кенгайтириш, технологик янгиланиш ҳамда узоқ муддатли ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш истиқболлари муҳокаманинг марказида бўлди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ва барқарор лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорлик форматларини янада чуқур ўрганиш ҳамда амалий мулоқотни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.