Ўзбекистон ва Латвия транспорт, логистика ва савдо соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Палата Раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов Латвия Республикаси Транспорт вазири Атис Швинка билан учрашув ўтказди.
Томонлар транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Жумладан, Латвиянинг Лиепая, Рига ва Вентспилс портлари ҳамда темир йўл йўналишларидан фойдаланиш орқали юк ташиш ҳажмини ошириш ва ўзбек маҳсулотларини Европа ҳамда Скандинавия бозорларига етказиб бериш имкониятлари кўриб чиқилди.
Европа стандартларига мослашиш ва сертификатлаштириш жараёнларида Латвия амалий кўмакка тайёрлигини билдирди. Бу ўзбек компаниялари учун янги бозорларга чиқишда вақт ва маблағни тежаш имконини яратади.
Учрашувда кимё, нефть-кимё, мева-сабзавот, қуритилган мева, электротехника ва мебель саноатида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ҳам муҳокама қилинди.
Алоҳида қайд этилган масалалардан бири – Тошкент–Рига авиақатновлари, электрон тижорат ва Латвияни минтақавий e-commerce маркази сифатида фойдаланиш имкониятлари бўлди.
Учрашув якунида икки мамлакат бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги имкониятларни очишда ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди.