Ўзбекистон ва Латвия бизнеслари логистика ва саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Латвия бизнеслари логистика ва саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 5 март куни Тошкент шаҳрида Латвия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки мамлакат давлат идоралари ва бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистон–Латвия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Латвия Республикаси транспорт вазири Атис Швинка ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов иштирок этди.
Форум давомида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт, логистика ва саноат соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Латвия делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида учрашув ташкил этилди. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, экспорт-импорт операцияларини ривожлантириш, логистика йўналишларини такомиллаштириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур мулоқотлар натижаси сифатида форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Латвия Иш берувчилар конфедерацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бизнес мулоқотларини фаоллаштириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Тадбир якунида икки мамлакат компаниялари ўртасида B2B учрашувлари ташкил этилиб, логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.