Ўзбекистон ва Латвия аудит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Латвия аудит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р.Ҳакимов Латвия Республикаси Давлат аудити идораси раҳбари Эдгарс Корчагинс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув аввалида меҳмонларга Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, жумладан, парламентлараро ҳамкорликнинг сўнгги йилларда барқарор ривожланиб бораётгани, Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари ва комиссиялари фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Мулоқот чоғида Э.Корчагинс Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ишончли ва конструктив шериклик муносабатлари мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Меҳмон ҳар икки мамлакатнинг олий аудиторлик органлари вазифалари ва тузилишидаги ўхшашликларга тўхталиб, шундай деди:
“Бизнинг аудиторлик идораларимиз ҳам Парламентга ҳисобот беради. Бош аудитор ва кенгаш аъзолари парламент томонидан тайинланади”.
Шу билан бирга, учрашувда Латвия Давлат аудити ва Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ўртасидаги амалий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани, хусусан, 2024 йилда ўзаро мулоқот янада фаоллашиб Тошкентда ўтказилган учрашувлар доирасида икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ҳамда кейинги уч йилни қамраб оладиган Қўшма ҳаракатлар дастури имзолангани алоҳида қайд этилди.
Мулоқотда молиявий аудит соҳасида тажриба алмашиш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, мавжуд молиявий тизимнинг самарадорлигини баҳолаш ва бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш хусусида сўз юритилди.
Латвия делегацияси раҳбари Ўзбекистонда парламент ва давлат бошқаруви тизимида хотин-қизларнинг роли ва фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳам юқори баҳолади.
“Сўнгги йилларда жамиятда хотин-қизлар ўрни ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Парламент аъзоларининг қарийб 40 фоизини аёллар ташкил этиши, шунингдек, раҳбарлик лавозимларида хотин-қизларнинг фаоллиги ортиб бораётгани жуда қувонарли ҳолат. Биз бу борада сизларнинг тажрибангиздан ўрганишимиз мумкин,” — деди меҳмон.
Учрашув якунида томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, аудиторлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.