Ўзбекистон ва КОIСА қўшма таълим лойиҳалари бўйича келишиб олдилар
Ўзбекистон ва КОIСА қўшма таълим лойиҳалари бўйича келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори У. Хусаинов ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Шин Мёнг Соп учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида, Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, натижадорликка асосланган тизимни жорий этиш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди ҳамда бу жараёнларда халқаро ҳамкорлик, хусусан, КОIСАнинг институционал тажрибаси, технологиялари ва билим трансфери аҳамиятли экани қайд этилди. Ўзаро амалий ҳамкорликнинг янги босқичга олиб чиқилиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди.
Мулоқот давомида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари кўриб чиқилди:
"Қишлоқ тараққиёти академияси" доирасида қишлоқ фаоллари учун, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини бошқариш учун ҳокимлик мутасаддилари ва муҳандисларига мўлжалланган қисқа муддатли махсус ўқув курслари ва Кореяга стажировкаларни ташкил этиш;
транспорт бошқарувини “Биг дата” таҳлилларига асосланган ҳолда ташкил этиб, маҳаллий даражада маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш амалиётини кенг жорий этиш, тирбандлик муаммосини ҳал қилиш учун Сеул шаҳрининг машҳур TOPIC моделини (Transport Operation and Information Service) Самарқандда қўллаш;
Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси базасида Кибержиноятларни фош этиш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш, Академиянинг мустаҳкам ўқув базасини KNPA ва KISА каби агентликларнинг Корея модели ҳамда технологиялари билан уйғунлаштириш;
Самарқанд ва Наманган вилоятлари туман ҳокимлари учун сунъий интеллект воситалари ва IоТ технологияларини муниципал бошқарувга жорий этишга йўналтирилган ихтисослаштирилган тренинглар ташкил этиш.
Учрашув давомида Корея Республикасининг Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ўртасида ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ҳужжат имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистонда давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорликдаги дастурни амалга оширишга келишиб олинди.