Валюта курслари 28/11/2025
$1 – 11902.30
UZS – 0.17%
€1 – 13780.48
UZS – 0.23%
₽1 – 152.18
UZS – 0.75%
Қидириш
Ўзбекистон ва Канада яшил иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Канада яшил иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Канада яшил иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев Канаданинг Ўзбекистондаги Элчиси Кристофер Дагган билан учрашди. Мулоқотда ўзаро ҳамкорликнинг амалий йўналишлари, жумладан, «яшил» иқтисодиёт, рақамлаштириш, инвестиция ва халқаро савдо бўйича янги имкониятлар муҳокама қилинди.

Учрашувда, шунингдек, “Ташаббусли буджет” лойиҳаси орқали аҳолининг буджет жараёнларидаги иштироки, ёшларнинг иқтисодиётдаги ўрни, рақамли хизматлар ва ФинТеч ривожи, таълим ва демографик йўналишдаги натижалар, «яшил» иқтисодиёт ва энергия самарадорлиги бўйича пилот лойиҳалар, Канада билан технологик ҳамкорлик имкониятлари ҳамда қўшма ишчи гуруҳ тузиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Элчи Кристофер Дагган Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, IТ Парк инфратузилмаси ва рақамли экотизимни юқори баҳолаб, Канада компаниялари учун энергетика самарадорлиги, «яшил» технологиялар, инновацион қурилиш ва карбон нейтраллик бўйича ҳамкорлик имкониятлари мавжудлигини билдирди.

Томонлар, айниқса, «яшил» иқтисодиёт бўйича қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, хусусан, энергия тежамкор технологияларни синовдан ўтказиш ва пилот лойиҳалар асосида кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистонда иссиқлик насослари, экологик тоза совуткичлардан фойдаланиш, “ноль эмиссия” биноларни қуриш бўйича бир нечта синов лойиҳалари амалга оширилаётгани, уларнинг натижалари асосида республика миқёсида кенгайтириш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Учрашув якунида қўшма ишчи гуруҳ тузиш таклифи илгари сурилди. Ушбу ишчи гуруҳ икки давлат компаниялари ва экспертлари ўртасида «матчмакинг» — аниқ эҳтиёжлар ва имкониятларни мослаштириш, ҳамкорлик лойиҳаларини шакллантириш ҳамда пилот ташаббусларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.

Канада томонидан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши билдирилди. Томонлар ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР