Ўзбекистон ва John Deere қишлоқ хўжалигини модернизация қилишни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва John Deere қишлоқ хўжалигини модернизация қилишни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ИССВ вазири Лазиз Кудратов 24 март куни навбатдаги учрашувини АҚШнинг John Deere корпорацияси вице-президенти Питер Сакс бошчилигидаги делегация билан ўтказди.
Мулоқот чоғида миллий агросаноат мажмуасини модернизация қилиш ҳамда қишлоқ хўжалигига инновацион ечимларни жорий этиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Асосий эътибор замонавий техникалар етказиб бериш, сервис инфратузилмасини ривожлантириш ва илғор рақамли технологияларни интеграция қилиш масалаларига қаратилди.
Учрашув иштирокчилари мамлакатимиздаги соҳавий институтлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ва республика ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини батафсил кўриб чиқдилар.
Музокаралар якунида узоқ муддатли ҳамкорликка ўзаро қизиқиш борлиги яна бир бор тасдиқланди.
Томонлар Ўзбекистон аграр тармоғининг самарадорлиги ва экологик барқарорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.