Ўзбекистон ва Жаҳон банки ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион долларлик шартнома имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўтган ҳафта Жаҳон банки гуруҳининг Вашингтондаги ҳар йиллик учрашувлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин 800 миллион долларлик имтиёзли кредитлар кўринишадаги молиялаштириш тўғрисидаги битимни имзоладилар.
Жаҳон банки томонидан тақдим этилаётган ушбу маблағлар ҳукуматга муҳим ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда бир қатор ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беради.
Жамшид Қўчқоров ва Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани билан ҳам самарали музокаралар ўтказишди.
Учрашувда ҳукуматнинг макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатида унумдорлик ва экспортни ошириш, статистика тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлашдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш, энергетика ва сув ресурслари соҳасида миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини муҳокама қилдилар. Ушбу йўналишларнинг барчасида Жаҳон банки ва Ўзбекистон яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Учрашув иштирокчилари Банкнинг молиявий ва техник кўмаги билан ҳукумат томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган амалдаги ва режалаштирилган лойиҳаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Ҳозирги вақтда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги инвестиция портфелининг умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 26 та лойиҳани ўз ичига олади. Мамлакат ЕМО минтақасида Туркия ва Украинадан кейин Банкнинг учинчи йирик мижози ҳисобланади.