Валюта курслари 31/10/2025
$1 – 12025.22
UZS – 0.29%
€1 – 13969.70
UZS – 0.07%
₽1 – 149.36
UZS – -0.9%
Қидириш
Ўзбекистон ва Италия ҳудудларо алоқалар ва ҳамкорликни кучайтиради

Ўзбекистон ва Италия ҳудудларо алоқалар ва ҳамкорликни кучайтиради
 

Ўзбекистон ва Италия ҳудудларо алоқалар ва ҳамкорликни кучайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Италиянинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Федерико Фаилла бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят раҳбари Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини, икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади. Айниқса, яқинда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда 2025 йил 30 май куни Остона шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё — Италия” биринчи саммити тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлгани эътироф этилди.

Шунингдек, май ойида Самарқанд шаҳрида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамда Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелонининг расмий музокаралари, учрашувлари ва имзоланган ҳужжатлар икки мамлакат муносабатларини янада мустаҳкамлагани қайд этилди.

Самимий мулоқотда Италиянинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ўзаро муносабатлар янги босқичга чиқаётганини эътироф этар экан, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларнинг қарор топиб, ривожланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди.

Фарғонада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолади.

Барча соҳаларни тараққий этишида энг аввало таълим алоҳида ўрин тутиши қайд этилиб, бу борада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги ва Италия элчихонаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, бизнес доира вакиллари иштирокида бизнес-форумлар ташкил этиш, ташқи савдо айланмаси ҳажмини ошириш, янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда халқаро кўргазмалар уюштириш борасида амалий ишлар бошлангани таъкидланди.

Учрашувда инновацион ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, туризм ва таълим соҳаларида Италиянинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, тўқимачилик, машинасозлик, чарм ва мебелчилик каби соҳаларда қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди. 

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ўзаро муносабатларни жадаллаштириш борасида келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг