Валюта курслари 20/11/2025
$1 – 11910.93
UZS – -0.25%
€1 – 13784.52
UZS – -0.4%
₽1 – 147.49
UZS – 0.06%
Қидириш
Ўзбекистон ва Испания қишлоқ хўжалиги бўйича меморандум имзоладилар

Ўзбекистон ва Испания қишлоқ хўжалиги бўйича меморандум имзоладилар

Ўзбекистон ва Испания қишлоқ хўжалиги бўйича меморандум имзоладилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни пайтда Испанияда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро Зайтун Кенгашининг 122-сессияси доирасида Испания Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва озиқ-овқат вазири Луис Планас Пучадес билан учрашди.

Самимий руҳда бошланган мулоқотда қишлоқ хўжалигида инновацияларни жорий этиш, сув ресурслари танқислиги шароитида самарали технологиялардан фойдаланиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Вазир Иброҳим Абдураҳмонов ўз навбатида, мамлакатимизнинг боғдорчилик, сабзавотчилик ва гилос етиштириш соҳасидаги имкониятлар, шунингдек, сув танқислиги, шўрланиш ва совуққа чидамли навларга эҳтиёж борлиги ҳақида маълумот берди.

Испания эса ўз тажрибаси — аниқ суғориш технологиялари, CRISPR асосидаги селекция, қишлоқ хўжалиги суғуртаси ва аграр таълим-илмий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича самарали амалиётлари билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича испан экспертлари билан яқин ҳамкорлик зарурлигини қайд этди. Испания бизнесининг Ўзбекистонда зайтунчилик йўналишидаги инвестиция имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув давомида институтлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат ташрифлари доирасида қўшма ташаббусларни белгилаш ва стратегик йўналишларни кенгайтириш борасида келишувга эришилди.

Музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг