Валюта курслари 19/09/2025
$1 – 12314.71
UZS – 0.49%
€1 – 14579.39
UZS – 0.43%
₽1 – 148.26
UZS – 0.25%
Қидириш
Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 19 сентябрь куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти доктор Муҳаммад Ал-Жассер ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ИТБнинг Олмаота шаҳридаги минтақавий офис раҳбари Али Хан, ИТБнинг Ўзбекистондаги вакили Хусан Хасанов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Тимур Ишметов ҳамда бошқа масъул раҳбарлар иштирок этдилар.

Музокаралар давомида томонлар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарадорлигини ошириш, истиқболдаги режалар ва янги ташаббусларни муҳокама қилдилар.

Хусусан, қуйидаги йўналишлардаги муҳим лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди:

қишлоқ хўжалигида ирригация тизимини модернизация қилиш ва ривожлантириш;

қишлоқ инфратузилмасини такомиллаштириш орқали аҳолига ва тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш;

корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини ошириш учун Ислом шариати асосида лойиҳаларни молиялаштриш;

чорвачилик соҳасида янги лойиҳаларни давлат кафолатисиз тижорат банклари билан амалга ошириш;

хусусий сектор ва молиявий бозорларни ривожлантириш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида ҳамкорликни кучайтириш;

мамлакатимизда ислом молиясини ривожлантириш, ушбу йўналишда маслаҳат ва техник кўмакни кенгайтириш.

Учрашувда, ислом молияси йўналишидаги ҳамкорлик масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ислом молияси дунёда адолатли ва барқарор молиявий тизим сифатида эътироф этилган бўлиб, унинг асосий тамойиллари – молиявий битимларда ошкоралик, хавф-хатарларни адолатли тақсимлаш, реал активларга асосланиш ва фоизсиз молиялаштириш механизмлари – аҳоли ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун ишончли восита сифатида хизмат қилиши таъкидланди.

Ислом тараққиёт банки экспертлари билан ҳамкорликда мамлакатимизда ислом молияси бозорини шакллантиришни тезлаштириш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорларга янги турдаги молиявий хизматларни тақдим этиш муҳумлиги қайд этилди. Бу эса хорижий инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва молиявий тизимнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши билдирилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, юқорида қайд этилган соҳаларда фикр алмашувини кенгайтириш ҳамда самарали қўшма лойиҳалар кўламини ошириш юзасидан келишувга эришдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг