Ўзбекистон ва Ироқ аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича меморандум имзоладилар
Ўзбекистон ва Ироқ аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича меморандум имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Шахло Ибрагимова жорий йилнинг 14 январь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Ироқ инвестиция ва бизнес форуми доирасида Ироқ аёл тадбиркорлари билан учрашди.
Музокараларда Ироқ Тадбиркор аёллар кенгаши раиси Сатҳа Ал-Зуҳаири, “Ababeel Al-Saad Co for Auto Spare Parts” компанияси бош директори Роа Раад Абдуллатиф, шунингдек “WAZ Cement Industries Co” бош директори Парвин Бабакер Хама Агха иштирок этдилар.
Суҳбат чоғида бизнес муҳитига оид муҳим масалалар, аёлларнинг жамиятдаги ўрни, Ўзбекистон ва Ироқда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, шунингдек электротехника, автосаноат, қурилиш материаллари, мебел ишлаб чиқариш ҳамда бошқа иқтисодий ва ижтимоий йўналишлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, қўшма лойиҳаларни илгари суриш, компанияларнинг янги бозорларга чиқишидаги амалий тўсиқларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.