Ўзбекистон ва Иордания тўқимачилик саноати соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари Амманда бўлиб ўтган, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида тўқимачилик ва тикувчилик саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган Форумда иштирок этдилар.
Тадбирда икки мамлакатнинг 30 дан ортиқ етакчи компаниялари, шунингдек, давлат идоралари ва бизнес уюшмалари вакиллари қатнашди.
Форумнинг очилиш қисмида Иордания кийим-кечак ва тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси раиси Санал Кумар, Иордания саноат палатаси бош директори доктор Ҳазем Раҳаҳлеҳ ҳамда Ўзбекистон делегацияси вакиллари нутқ сўзладилар.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги тақдим этилиб, мамлакатнинг тўқимачилик саноатидаги истиқболлари ва рақобатбардош афзалликлари алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида, иорданиялик томон миллий саноат сектори, жумладан чарм ва тўқимачилик йўналишлари бўйича тақдимот қилиб, уларнинг барқарор ривожланиши ва юқори экспорт салоҳиятини қайд этди.
Форум доирасида Б2Б сессиялари ташкил этилиб, компанияларга бевосита ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, Иорданиянинг Инвестициялар вазирлиги, Саноат, савдо ва таъминот вазирлиги ҳамда Иордания банклар ассоциацияси билан музокаралар ўтказилди.