Ўзбекистон ва Иордания 2026 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Иордания 2026 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 22 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоевнинг Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Демие Ҳаддад билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон-Иордания муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, 2025 йил давомида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестисиявий, маданий-гуманитар, туризм ва таълим соҳаларида эришилган асосий натижалар сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, 2026 йилда икки томонлама кун тартибида турган чора-тадбирларнинг самарали ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда ўзаро манфаатли йўналишларда алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.