Ўзбекистон ва HPE Networking ҳамкорлик меморандумини имзоладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда «Ўзбектелеком» АК вакиллари HPE Networking компаниясининг Шарқий Европа ва МДҲ бўйича катта савдо директори Иван Иагашагашвили билан учрашув ўтказдилар.
Учрашув давомида томонлар сунъий интеллект, Big Data технологиялари, рақамли трансформация ва замонавий телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар, шунингдек барқарор ва интеллектуал тармоқларни яратиш бўйича тажриба алмашдилар.
Музокаралар якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат маълумот узатиш жараёнларини автоматлаштириш, сервис ядроларини жорий этиш ва UZTELECOM инфратузилмаси негизида инновацион пилот лойиҳаларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.
HPE Networking билан ҳамкорликнинг ушбу янги босқичи тармоқ самарадорлигини ва интеллектуаллаштириш даражасини ошириш, шунингдек миллий рақамли экотизимни янада ривожлантириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлади.