Ўзбекистон ва Гомель вилояти ўртасида савдо ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ва Гомель вилояти ўртасида савдо ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ва Гомель вилояти ўртасида савдо ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 24 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикасининг Гомель вилояти ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга қаратилган муҳим платформага айланди.

Форум давомида икки томонлама савдо муносабатларининг ижобий динамикаси алоҳида таъкидланди. Жумладан, 2025 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 965 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди. Томонлар яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 1 миллиард доллардан оширишни устувор вазифа сифатида белгилаб олдилар.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон томонидан текстиль, металл ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти барқарор ўсишни намоён этмоқда. Беларусь эса гўшт-сут маҳсулотлари, фармацевтика ва саноат ускуналари етказиб бериш ҳажмини изчил ошириб бормоқда.

Форумда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат, қурилиш, мебел ва тўқимачилик соҳаларида фаолият юритаётган 50 га яқин етакчи тадбиркорлари иштирок этди. Беларусь делегацияси таркибидаги йирик саноат корхоналари ўзларининг экспорт салоҳияти ва инвестициявий имкониятларини тақдим этдилар. Томонлар ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Тадбир доирасида Гомель вилояти ҳамда Тошкент вилояти Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, гўшт-сут маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ёғоч маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тижорат шартномалари имзоланди.

Мазкур келишувлар икки давлат тадбиркорлари ўртасида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг