Ўзбекистон ва GIZ дуал касбий таълимни ривожлантириш лойиҳасини ишга туширдилар
Ўзбекистон ва GIZ дуал касбий таълимни ривожлантириш лойиҳасини ишга туширдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 1 декабрь куни Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан касбий таълим тизимида дуал таълимни ривожлантириш бўйича “Ўзбекистоннинг касбий таълим тизимида ислоҳотлар ва модернизация жараёнини қўллаб-қувватлаш, TexVET-II” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан шартнома имзоланди.
Лойиҳанинг мақсади техникумларда бир вақтда ҳам ўқиб ҳам ишлаш имконини берувчи дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш, таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, таълим сифатини ошириш, хотин-қилзарни касбга ўқитиш орқали даромад топиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Лойиҳа доирасида халқаро экспертларни жалб этиш орқали дуал таълим дастурлари модернизация қилинади, кадрлар тайёрлашда иш берувчилар бевосита иштирок этади ва техникумларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланади.
Шунингдек, лойиҳа ёшларнинг амалий кўникмаларини оширишга, аёллар учун қулай таълим имкониятларини кенгайтиришга, меҳнат бозори учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашга ҳисса қўшади.