Ўзбекистон ва Германия ўртасида «Ausbildung» тизими орқали ҳамкорликда ўрта бўғин мутахассислари тайёрланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 26 март куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Германиянинг “Askania Bildung” компанияси раҳбари Жунг Инго билан учрашди. Учрашув давомида техникумларда немис таълим дастури асосида «Ausbildung» тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.
Мазкур тизим назарий ва амалий билимларни уйғунлаштирган ҳолда касбни чуқур ўргатишга қаратилган. Унга мувофиқ, ёшлар Ўзбекистондаги техникумларга ўқишга қабул қилиниб, уч йиллик ўқиш давомида биринчи йил Ўзбекистонда, қолган икки йил эса Германияда амалга оширилади. Бунда 1-курс якуни бўйича ўқувчилардан B1 даражадаги немис тилини билиш талаб этилади.
Германиядаги касбий таълим ташкилотларида ўқишни давом эттирган ёшлар дуал таълим шаклида таҳсил олиб Германияда ишлаш имкониятига ҳам эга бўладилар. Дастур якунида битирувчиларга таълимни тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжатлар берилади.
Шунингдек, техникумларда дарс берадиган педагог кадрларнинг малакасини ошириш “Askania Bildung” компанияси томонидан ташкил этилади.
Учрашувда мазкур ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги касбий таълим соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.