Ўзбекистон ва Франция тараққиёт агентлиги энергетика, сув таъминоти ва инфратузилма соҳаларида истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир Лазиз Кудратов Франция тараққиёт агентлигининг (AFD) Марказий ва Шарқий Осиё бўйича минтақавий директори, Хитой бўйича директори Амели Обер билан учрашди.
Томонлар энергетика, сув таъминоти, инфратузилма ва экология соҳаларидаги амалдаги ҳамкорлик ҳамда истиқболдаги лойиҳаларни муҳокама қилдилар. Учрашувда барқарор ривожланиш, илғор технологияларни жорий этиш ва амалга оширилаётган ташаббусларнинг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фаолияти давомида агентлик умумий қиймати 1,6 миллиард евродан ортиқ 13 та йирик лойиҳани молиялаштирган. Амели Обернинг сўзларига кўра, Ўзбекистон AFDнинг йигирма энг йирик ҳамкор мамлакатлари қаторига киради ва ҳамкорлик учун устувор давлатлардан бири ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.