Ўзбекистон ва Франция соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда — UzDaily.uz
Валюта курслари 11/09/2025
$1 – 12360.86
UZS – 0.05%
€1 – 14479.51
UZS – -0.41%
₽1 – 145.66
UZS – -1.9%
Қидириш
Ўзбекистон ва Франция соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон ва Франция соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон ва Франция соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Уалид Фук ҳамда ушбу давлатнинг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги соғлиқни сақлаш хизматлари экспорти бўйича махсус вакили Жорж-Фабрис Блум бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Маълумотларга кўра, Франция соғлиқни сақлаш тизими тиббий хизматлардан фойдаланиш осонлиги, даволаниш учун навбатлар йўқлиги ва барча аҳоли қатлами малакали тиббий хизмат билан қамраб олинганлиги каби мезонлар бўйича ЖССТ рейтингида юқори ўринларни эгаллайди. Шу маънода, мазкур давлат билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш фойдалидир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Президентимизнинг Францияга давлат ташрифи давомида ушбу мамлакат билан кўплаб соҳалар қатори, тиббиёт йўналишида ҳам манфаатли келишувларга эришилганди.

Шунингдек, Париж шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Франция” биринчи тиббиёт форуми давомида икки мамлакат клиникалари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган учрашув эса ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб олиш имконини берди. Мулоқот давомида тиббиёт соҳасидаги ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтариш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Жумладан, онкологик касалликларни илғор усуллар ёрдамида ташхислаш ва даволаш, шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, мутахассислар малакасини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасида француз копманиялари учун инвестицион имкониятлар яратиш, хирургияда робот технологиясидан кенг фойдаланиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Шунингдек, икки мамлакат клиникалари ва шифохоналари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи кўриб чиқилди.

Такидланишича, делегация таркибидаги француз копманиялари вакиллари юртимиздаги мавжуд эҳтиёжларни ўрганиб, аниқ таклифлар билан келган. Улар ўз йўналишлари бўйича ҳамкорликдаги фаолиятни ривожлантиришни мақсад қилган.

Онкология, урология, робот хирургияси соҳаларида ходимларни ўқитиш, педиатрия, санитар авиация хизматларини яхшилаш, сайёҳлик марказларида травматология клиникаларини ташкил қилиш, остеопороз касалликларини даволашда инновацион усулларни қўллаш, йўналишлар бўйича халқаро техник экспертлар фаолиятини тақдим этиш, тоғли зоналарда Европа даражасидаги тез ёрдам тизимини яратиш, дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш масалалари шулар жумласидандир.

Учрашувда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида Франция ютуқларини ўрганиш ва оммалаштиришдан манфаатдор экани таъкидланди. Хусусан, бу давлат диагностика, терапевтик муолажалар ва ноёб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда катта тажрибага эга.

Бу эса касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва самарали муолажа қилишда илғор тиббий технологиялар ҳамда рақамли ечимларни жорий қилиш масалалари юзасидан тажриба алмашиш имконини беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР