Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги стратегик шериклик ва сармоявий лойиҳаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ИССВ раҳбари Лазиз Кудратов Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Валид Фук билан учрашди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари, жумладан, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда энергетика, саноат, транспорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
2025 йил январь–август ойларида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо айланмаси 991,2 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,5 фоизга ошди. Ушбу ўсишга машинасозлик, кимё, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорлик фаоллашуви, шунингдек, Франция компаниялари томонидан Ўзбекистондаги саноат лойиҳалари учун замонавий ускуналар ва технологиялар етказиб бериш ҳажмининг кенгайиши сабаб бўлди.
Мулоқот чоғида “йўл хариталари” доирасидаги чора-тадбирларнинг самарали ижросини таъминлаш ва олий даражадаги ташрифлар якунида эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқариш муҳимлиги таъкидланди. ИССВ раҳбари Ўзбекистон Франция билан стратегик шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият беришини ва яқинлашиб келаётган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда қўшма бизнес-форум доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини қайд этди.