Ўзбекистон ва Frankfurt Main Finance молиявий ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Германиянинг етакчи молиявий марказларидан бири бўлган Frankfurt Main Finance бошқарувчи директори ва World Alliance of Financial Centers hamraisi Vët Hubertus билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Германиянинг етакчи молиявий институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар. Vët Hubertus Германиянинг йирик молиявий ташкилотларини Ўзбекистон бозорига жалб этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда венчур компаниялар, бизнес фаришталар ва муқобил инвестиция сектори иштирокчилари учун қулай экотизим яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Frankfurt Main Financе ва World Alliance of Financial Centersнинг молиявий технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги илғор тажрибаларини жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юқори баҳоланди. Томонлар ташаббусларни амалга ошириш мақсадида қўшма тадбирлар ва маслаҳатлашувлар ташкил этиш орқали ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Учрашув Ўзбекистон ва Германия ўртасида муносабатларни чуқурлаштириш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги имкониятларини яратишга бўлган ўзаро манфаатдорликни тасдиқлади.