Ўзбекистон ва Эрон инвеститсия ва технологик ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Эрон инвеститсия ва технологик ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17 декабрь куни Тошкент шаҳрида Эрон Ислом Республикаси Мозандарон вилояти ҳокими Маҳдий Юнусий Рустамий бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон-Эрон бизнес-форуми ҳамда B2B учрашувлар бўлиб ўтди.
Тадбирда Эрон томонидан 70 дан ортиқ етакчи компаниялар вакиллари ҳамда 100 нафардан зиёд маҳаллий тадбиркорлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ўзларининг турли йўналишдаги илғор таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этдилар.
Унинг очилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов, Мозандарон вилояти ҳокими Маҳдий Юнусий Рустамий, Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий ҳамда Эрон Савдо-саноат, конлар ва қишлоқ хўжалиги палатаси бошқарув кенгаши аъзоси Абдулла Муҳожир сўзга чиқдилар.
Форум доирасида иштирокчилар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳамда технологик кооперацияни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон ва Эрон компаниялари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар якунларига кўра, бир қатор истиқболли лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилди.