Ўзбекистон ва Чехия инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Чехия инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Акрам Алиевнинг Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Любомир Фреборт билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, бўлажак икки томонлама тадбирларга кўрилаётган тайёргарлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Чехия шериклигини янада мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий алоқалар ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 200 миллион долларни ташкил этди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Чехия сармояси иштирокидаги 44 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ҳамкорлик алоқалари кимё, фармацевтика ва қурилиш тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, ускуналар ишлаб чиқариш, шунингдек, логистика ва ИТ-хизматлари каби соҳаларни қамраб олган.