Ўзбекистон ва Бошқирдистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳридаги “Central Asian Expo Uzbekistan” мажмуаси саноат ва инновациялар марказига айланган. 18 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ўтаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро бешинчи саноат кўргазмасида Россия, Марказий Осиё мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан 10 мингдан ортиқ делегат иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида ҳамкорлик мулоқотлари қизғин тус олган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бир қатор хорижий компаниялар ва ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни муҳокама қилмоқда.
Шундай учрашувлардан бири Бошқирдистон Республикаси Ҳукумати Раисининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги вазири Илшат Фазрахманов билан ўтказилди. Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Бошқирдистон томонидан Ўзбекистонга шакар, буғдой ва буғдой уни, арпа, меласса, сут зардоби каби маҳсулотларни етказиб бериш ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон фермерларининг Бошқирдистон ҳудудида дон, дуккакли экинлар ва картошка етиштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда, шунингдек, «Пишепром» АЖ томонидан Ўзбекистонга консерва маҳсулотлари етказиб бериш, «БашИнком» компанияси эса ўсимликларни ҳимоя қилиш учун кимёвий воситалар ва комплекс минерал ўғитлар билан таъминлаш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, Тошкентда ўтаётган бу кўргазма саноат, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларида минтақавий ҳамкорликнинг янги уфқларини очмоқда. Бу эса Ўзбекистон ва бутун минтақа давлатлари учун ўзаро тараққиёт ва фаровонлик сари муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.