Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужини қабул қилди.
Мулоқотда аграр соҳада амалга оширилаётган қўшма ташаббусларнинг бугунги натижалари ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорлик доирасида амалиётга татбиқ этилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолатини таҳлил қилар экан, уларнинг самарадорлигини ошириш, ҳудудлар кесимида натижадорликни кучайтириш ва амалий механизмларни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, қишлоқ жойларда бандликни таъминлаш ва кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишлар ижобий баҳоланди.
Томонлар Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик ва ижтимоий лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтдилар. Ушбу ҳудудда ер деградациясини камайтириш, сув ресурсларини тежаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда яшил иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди.
Оролбўйи учун махсус дастурлар доирасида агроэкотизимларни тиклаш ва иқлимга мослашувчан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Шунингдек, учрашувда HECI тамойилларини амалиётга жорий этиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Мазкур ёндашув инсон капиталини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва институционал самарадорликни кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ишонч ва очиқликка асосланган ҳамкорликни кенгайтириш, лойиҳаларни аниқ натижалар билан амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.