Ўзбекистон ва Беларус ёшларнинг демократия, қонун устуворлиги ва барқарор ривожланишдаги фаоллигини кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон-Беларусь тадбиркор аёллар бизнес-форуми доирасида ўтказилган 6-секция демократия, ҳуқуқ устуворлиги ва барқарор ривожланишда ёшларнинг иштирокига бағишланди.
Сўзга чиққан Ўзбекистон парламент аъзолари ва Ёшлар парламенти аъзолари таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини ошириш мақсадида Ёшлар парламенти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у ёш авлоднинг давлат бошқарувида бевосита иштирок этишини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қонунчиликка татбиқ этиш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Шунингдек, рақамли тенгликни таъминлаш, ёш хотин-қизларнинг IT ва сунъий интеллект соҳаларидаги етакчилигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг стартап ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган дастурлар амалга оширилаётгани ҳақида фикр юритилди. Бу борадаги мамлакатимиз тажрибаси алоҳида эътироф этилди.
Иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон илгари сурган “яшил дипломатия” ташаббуси ҳам ҳавола қилинди. Мазкур ташаббус ёшларнинг экологик онгини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ҳисса қўшишини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан долзарб аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шунингдек, секция йиғилишида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ёшлар алмашинуви дастурлари, қўшма лойиҳалар ва мулоқот майдонини кенгайтириш масалалари муҳим йўналишлар сифатида белгиланди.