Ўзбекистон ва Беларусь туризм соҳасида бизнес шерикликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 2 сентябрь куни Витебск шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми доирасида “Ўзбекистон ва Беларусь: туризм соҳасида бизнес-ҳамкорлик” мавзусида секция йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, уюшмалари ва сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Секция иши давомида иштирокчилар туризм соҳасини барқарор ва ўзаро манфаатли ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида тажриба алмашди.
Шунингдек, халқаро бозорларда қўшма сайёҳлик маҳсулотларини реализация қилиш, ихтисослашган таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш, шу жумладан ягона туристик ахборот-таҳлилий портал яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларида маданий-тарихий йўналишларни, шунингдек, Беларуснинг диққатга сазовор жойлари ва ўзига хос йўналишлариини очиб беришга қаратилган сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Секция йиғилиши якунида Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ва Беларусь Республикаси Туризм саноати республика иттифоқи ўртасида Туризм соҳасида 2026-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик чора-тадбирлари бўйича “йўл харитаси” имзоланди.