Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми ялпи мажлиси бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Беларусь Республикасининг Витебск шаҳрида “Ўзбекистон – Беларусь: ҳамкорлик барқарор ривожланиш омили сифатида” мавзусида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форумининг ялпи мажлиси ўтказилди.
Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова кириш сўзи билан очиб берди.
Ялпи мажлис очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко томонидан йўлланган мурожаатлар ўқиб эшиттирилди.
Ушбу мурожаатларда икки давлат раҳбарларининг аёллар иштирокидаги бизнес ҳамкорликни ривожлантиришга қаратаётган эътибори алоҳида таъкидланди.
Тадбирда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, унинг истиқболлари, хусусан, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бизнес-форум натижалари самарали ва амалий жиҳатдан бой бўлди. Форум доирасида 140 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматга эга 10 та тижорат битими, 3 та англашув меморандуми, 27 та шартнома ҳамда 4 та “йўл харитаси” имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Беларусдан 200 дан зиёд тадбиркорлар иштирок этди. Уларнинг 60 нафари ўзбекистонлик тадбиркор аёлардир. Тадбиркорларимиз турли соҳаларга тааллуқли лойиҳаларни тақдим этишди ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Форум иштирокчилари томонидан Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, янги ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратилгани таъкидланди.
Ялпи мажлис якунида Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми декларацияси қабул қилинди. Унда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Ўзбекистон–Беларусь тадбиркор аёлларининг кейинги – тўртинчи бизнес-форумини Ўзбекистонда, тарихий шаҳарлардан бирида ўтказиш режалаштирилаётгани қайд этилди.