Ўзбекистон ва Бангладеш савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Монирул Ислом билан учрашди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.
Суҳбат давомида томонлар тўқимачилик саноати, фармацевтика, жут ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида бизнес алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Бангладеш ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, икки мамлакат ўртасида туризм ва маданий алоқаларни ривожлантириш ҳамда Бангладешдан малакали мутахассисларни Ўзбекистонга жалб этиш имкониятларини кўриб чиқилди.
Учрашув самимий ва конструктив муҳитда ўтиб, томонлар янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.