Ўзбекистон ва Австрия делегациялари виза ва миграция масалалари бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вена шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Австрия Республикаси Ташқи ишлар вазирликларининг Консуллик хизматлари ўртасида илк консуллик маслаҳатлашуви бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, қуйидаги келишувларга эришилди:
- миграция ва мобиллик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳаси бўйича музокараларни давом эттириш, бу орқали мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш;
- дипломатик пасспорт эгаларига виза бериш тартиби юзасидан ҳукуматлараро келишувни ишлаб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан берилган апостилларни тан олиш масаласини қайта кўриб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларига визаларни Астана шаҳридаги Австриянинг дипломатик ваколатхонаси орқали расмийлаштириш имкониятини кўриб чиқиш.
Томонлар ушбу маслаҳатлашувлар икки мамлакат ўртасидаги консуллик ва гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.