Ўзбекистон ва АҚШ виза тартиб-қоидаларини соддалаштириш масаласини муҳокама қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари фуқаролар ҳамда бизнес вакиллари учун виза тартиб-қоидаларини соддалаштириш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда, дея маълум қилди транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев.
Унинг сўзларига кўра, Uzbekistan Airways авиакомпанияси парки янги Boeing самолётлари ҳисобига кенгайиши натижасида АҚШ шаҳарларига рейслар сони ҳам ошиши кутилмоқда.
«Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Жасурбек Чориев таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи виза режимини либераллаштириш, туризмни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш учун муҳим замин яратади.
«Президентимизнинг ташрифи — бу мухим қадам. Давлат раҳбари ҳамкорлик эшикларини очмоқда. Қачонки икки давлат раҳбарлари транспорт каби стратегик йўналишларда келишувга эришсалар, биз учун қўшма ташаббусларни амалга ошириш анча осонлашади. Олдимизда бир қатор вазифалар турибди ва АҚШнинг бу борада тажрибаси катта, аммо бизда ҳам таклиф этадиган нарсаларимиз бор», — деди Чориев.
У, шунингдек, Boeing корпорацияси билан 22 та кенг фюзеляжли Boeing 787-9 Dreamliner самолётини етказиб бериш бўйича имзоланган шартнома ҳақида эслаб ўтди.
Ушбу самолётлар Uzbekistan Airways авиакомпаниясига узоқ масофали парвозлар географиясини кенгайтириш, жумладан, Америкада янги йўналишларни очиш имконини беради. Ҳозирда авиакомпания Тошкент ва Нью-Йорк шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширмоқда.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасида имзоланган келишувлар туризмни ривожлантириш, бизнес алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро саёҳатлар сонини оширишга хизмат қилади.
«Яқинда 2026 йил 1 январдан бошлаб АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинди. Шу билан бирга, бизнинг фуқароларимиз ва бизнес вакилларимиз учун ҳам саёҳатларни енгиллаштириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда», — деб қўшимча қилди Чўриев.
Айни пайтда визасиз режим АҚШдан келаётган 55 ёшдан катта туристларга татбиқ этилади. 15 майда қабул қилинган туристик оқимни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармойишига мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлигига АҚШ томони билан Ўзбекистон фуқаролари учун виза талабларини енгиллаштириш масаласида музокаралар бошлаш топширилган.