Ўзбекистон ва Афғонистон рақамли вазирлари IТ соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистоннинг Коммуникациялар ва ахборот технологиялар вазири Нажибуллох Хаёт бошчилигидаги делегация Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park Uzbekistanъга ташриф буюрди. Ташриф доирасида дастлаб делегацияга IT Park Uzbekistan ва Рақамли технологиялар вазирлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, асосий йўналишлар ҳамда келгусидаги режалар ҳақида тақдимот қилинди.
Шунингдек, делегация IТ мутахассисларини тайёрлашга ихтисослашган Ustudy IТ академияси фаолияти, муҳим инфратузилмаларнинг киберхавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион лойиҳалар маркази — UZSOC ҳамда Ягона интегратор UZINFOCOMда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди. Хусусан, сунъий интеллект ва рақамли ечимлар соҳасидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташрифнинг асосий қисмида Шерзод Шерматов ва Афғонистоннинг Коммуникациялар ва ахборот технологиялар вазири Нажибуллох Хаёт ўртасидаги учрашувда рақамли инфратузилмаларни ривожлантиришга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, рақамлаштириш, учун қулай экотизим яратиш, юзасидан ҳам фикрлар алмашишди. Шу билан бир қаторда икки томон учун фойдали бўладиган “Йўл ҳаритаси” ишлаб чиқишга келишилди. Учрашув якунида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов делегацияни жорий йил июнь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган БМТ Давлат хизмати форумида ва 23-25 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган "ICT Week Uzbekistan" тадбирида иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар учрашув учун миннатдорлик билдириб, келгуси лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошишига умид билдиришди.