Ўзбекистон уй-жой бозори 2025 йилнинг учинчи чорагида юқори фаолликда қолмоқда
Ўзбекистон уй-жой бозори 2025 йилнинг учинчи чорагида юқори фаолликда қолмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий банк 2025 йил III чораги учун “Кўчмас мулк бозори таҳлили”ни эълон қилди. Шарҳда уй-жой бозорида юқори фаоллик сақланиб қолаётгани, бу жараён ўсиб бораётган аҳоли даромадлари, қурилиш ишларининг юқори ҳажми ҳамда ипотека кредитлари кенгайиши билан таъминланаётгани қайд этилади. Шу билан бирга, таклиф динамикаси ва миллий валютанинг мустаҳкамланиши уй-жой нархларининг миллий валютада мўътадил ўсишига, АҚШ доллари ҳисобида эса нисбатан сезиларли ўсишига олиб келган.
Кўчмас мулк бозоридаги битимлар фаоллиги 2025 йил III чорагида янада тезлашди. Йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларига кўра, кўчмас мулк олди-сотдиси билан боғлиқ шартномалар сони 229,8 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,8 фоизга ошди. Кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг ошиши, асосан, ипотека молиялаштириш ҳажмининг кенгайиши, аҳоли даромадларининг ўсиши ҳамда пул ўтказмалари кўпайиши билан изоҳланади. Хусусан, 2025 йил ИИИ чорагида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 5,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,9 фоизга ошди.
Таклиф томонидан, қурилиш сектори юқори фаолликни намоён этмоқда. 2025 йил январь–сентябрь ойларида қурилиш ишлари ҳажмининг реал ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоизга тенг бўлди. Бу, ўз навбатида, қурилиш хизматлари ва уй-жойни инвестиция объекти сифатида кўришга бўлган барқарор талабни ифодалайди.
Шу даврда фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг умумий майдони 11,1 млн квадрат метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2,4 фоизга ошди. Мазкур ўсиш, асосан, якка тартибда қурилган уй-жойлар ҳажмининг кўпайиши ҳисобига таъминланмоқда, кўп қаватли турар-жойларнинг фойдаланишга топширилиши эса ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан пастроқ даражада шаклланмоқда. Бу ҳолат йирик турар-жой мажмуалари қурилишининг давом этаётгани ва уларнинг кейинги даврларда фойдаланишга топширилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Нархлар динамикаси нуқтайи назаридан, ҳисоб-китоб қилинадиган валютага қараб турлича тенденциялар кузатилди. Миллий валютанинг мустаҳкамланиши фонида уй-жой нархлари индексларида турли динамика шаклланди: уй-жой нархларининг АҚШ доллари ҳисобидаги йиллик ўсиши тезлашган бўлса, сўм индексида ўтган чораклардаги тенденциялар сақланиб қолган. 2025 йил сентябрь ойининг якунларига кўра, республика бўйича кўп қаватли бирламчи уй-жой бозорида нархлар сўмда 2,4 фоизга, АҚШ доллари ҳисобида эса 5,5 фоизга ошди. Иккиламчи кўп қаватли уй-жой бозорида эса нархлар сўмда 1,8 фоизга, доллар ҳисобида 5 фоизга кўтарилди.
Ижара бозори фаоллиги III чоракда, асосан, август–сентябрь ойларида кузатиладиган мавсумий талабнинг кучайиши фонида сезиларли ошди. Ижара тўловлари ўсиш суръати ҳам тезлашиб, 2025 йил сентябрь ойига келиб, Тошкент шаҳрида ижара нархлари индексининг доллар ҳисобидаги йиллик ўсиши 5,4 фоизни, республика бўйича эса 8,4 фоизни ташкил этди. Ижара нархларининг нисбатан юқори суръатларда ўсиши иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўсиши билан бўлган тафовутни қисқартирмоқда, бу эса ижара уй-жойига бўлган талабнинг кучайиши ва бозорнинг босқичма-босқич мувозанатлашаётганини кўрсатади.
Умуман олганда, 2025 йилнинг III чораги маълумотлари кўчмас мулк бозорида битимлар сонининг кўпайиши, ипотека кредитларининг ортиши, аҳоли даромадлари ва қурилиш ишлари ҳажмининг юқори даражада шаклланиши фонида юқори фаоллик сақланиб қолаётганини кўрсатади. Таклифнинг ўсиши ва мувозанатли талаб нархларнинг миллий валютада мўътадил ўсишини таъминламоқда.