Ўзбекистон Туркия ва Озарбайжонда қишлоқ хўжалиги суғуртаси бўйича хорижий тажрибани ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида суғурта тизимини ривожлантириш бунда хорижий давлатларнинг тажрибаларини чуқур ўрганиб, уларни мамлакатимиз аграр тармоғида амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотлари вакилларидан иборат делегация аъзолари Туркия ва Озарбайжон давлатларида хизмат сафарида бўлиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғурталаш жараёнлари билан яқиндан танишмоқда.
Делегация аъзолари Туркия ва Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Суғурта бозорини тартибга солиш ва назорат қилиш агентликлари, Қишлоқ хўжалигини суғурталаш жамғармалари ва бошқа соҳавий ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Учрашувларда асосий эътибор аграр соҳадаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, суғурта тизимини ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғурталаш бўйича самарали механизмларни жорий этиш масалаларига қаратилмоқда.
Шунингдек, ушбу тизимни рақамлаштириш, фермерлар ва аграр тузилмалар учун қулай ва шаффоф электрон платформаларни яратиш борасида ҳам ўзаро фикр ва таклифлар алмашилмоқда.
Томонлар қишлоқ хўжалиги суғуртаси, аграр соҳада рақамли технологиялар, сунъий интеллект, маълумотларни таҳлил қилиш ва мониторинг тизимларини жорий этиш бўйича тажриба билан ўртоқлашиб, Ўзбекистонда мазкур ютуқларни татбиқ этиш юзасидан аниқ келишувларга эришмоқда.
Бу келишувлар Ўзбекистонда аграр соҳа барқарорлигини таъминлаш, хавф-хатарларга қарши суғурта ҳимоясини кучайтириш ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.