Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2026 вақтида Атлантада жойлашади
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2026 вақтида Атлантада жойлашади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси Атланта шаҳрида жойлашади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар беришича, жамоа ушбу шаҳарда истиқомат қилади ва «Атланта Юнайтед» клуби базасида машғулотлар ўтказади.
Ўзбекистон терма жамоасининг рақиблари ҳам яшаш жойларини белгилаб олди: Португалия Палм-Бич-Гарденс шаҳрида, Колумбия эса Коламбус шаҳрида жойлашади. ФИФА турнир давомида жамоалар учун 61 та турар жой ва машғулот маскани ажратди, бунда масканлар ўйинлар ўтказиладиган шаҳарлар ва стадионларнинг географик жойлашувига қараб тақсимланди.
Гуруҳ босқичида терма жамоалар учрашувлар учун бошқа шаҳарларга махсус чартер рейслар орқали учиб бориб, ўйинлардан сўнг ўз машғулот базаларига қайтиб келади. Ўзбекистон терма жамоаси K гуруҳида иштирок этиб, Португалия, Колумбия ва қитъалараро плей-офф ғолиби билан куч синашади.