Ўзбекистон терма жамоаси FIFA Series учун таркибни эълон қилди
Ўзбекистон терма жамоаси FIFA Series учун таркибни эълон қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббий Фабио Каннаваро раҳбарлигида республика ҳудудида илк бор ўтказиладиган халқаро FIFA Series турнири учун якуний таркибни шакллантирди.
Мусобақалар 27 март куни старт олади. Шу куни «Пахтакор» стадионида Тошкент вақти билан соат 15:00 да Венесуэла ва Тринидад ва Тобаго терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Ўша куни кечқурун, соат 19:00 да Ўзбекистон жамоаси «Бунёдкор» аренасида Габон терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Иккинчи тур учрашувлари 30 март кунига белгиланган. Соат 15:00 да «Пахтакор» стадионида Габон Тринидад ва Тобаго билан куч синашади, соат 19:00 да эса Ўзбекистон терма жамоаси Венесуэлага қарши ўйнайди. Турнир мезбонлари иштирокидаги ҳар икки учрашув «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.
Шу билан бирга, аввал кенгайтирилган рўйхатга киритилган қатор футболчилар жароҳат сабабли ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмайди. Улар қаторида Жалолиддин Машарипов, Хусниддин Алиқулов, Аббосбек Файзуллаев, Дилшод Комилов, Иброхимхалил Ёлдошев, Абдулла Абдуллаев, Алибек Давронов ва Хусайн Норчаев бор.
Якуний таркибга қуйидаги дарвозабонлар киритилди: Ўткир Юсупов, Абдувохид Нематов ва Ботирали Эргашев. Ҳимоя чизиғида Рустамжон Ашурматов, Умарбек Эшмуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Муҳаммадрасул Абдумаджидов, Хожиакбар Алижонов, Шерзод Насруллаев, Беҳрузжон Каримов, Жаҳонгир Урозов, Фаррух Сайфиев ва Муҳаммадқодир Ҳамралиев ўрин олган.
Ярим ҳимоя чизиғида Умарали Раҳмоналиев, Иброхим Ибрагимов, Достонбек Ҳамдамов, Акмал Мозговой, Отабек Шукуров, Азизжон Ғаниев, Одилжон Ҳамробеков, Жамшид Искандеров ва Остон Ўрунов ҳаракат қилади.
Ҳужум чизиғига эса Элдор Шомуродов, Игорь Сергеев, Алишер Одилов ва Шерзод Темиров киритилган.