Ўзбекистон Тбилисидаги халқаро экологик курсда иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 16–20 июнь кунлари Грузиянинг Тбилиси шаҳрида Кавказ минтақавий экологик маркази (REC Caucasus) ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан халқаро ўқув курси ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Мазкур ўқув курси ер деградациясини нейтраллаштириш, тупроқ саломатлиги, барқарор ердан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда ФАО ҳамкорлигидаги GCP/UZB/020/GFF — “Қурғоқчиликка учраган экотизимлардаги ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида лойиҳа раҳбари Н. Ғафуров бошчилигидаги гуруҳ — экспертлар Ф. Эгамов, А. Хожиев ва ёрдамчи С. Қўзибоев ушбу тадбирда иштирок этди.
Тадбир доирасида Грузия ҳукумати, ФАО ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилиб, ер деградацияси бўйича миллий стратегиялар, қонунчиликдаги ислоҳотлар, замонавий технологиялар ва мониторинг тизимлари муҳокама қилинди.
Дманси муниципалитетидаги тажриба участкасига ташриф буюрилиб, яйловлардан оқилона фойдаланиш, чорва юкини меъёрлаштириш, электр тўрлар ёрдамида ҳудудларни ажратиш каби амалий тажрибалар ўрганилди.
Шунингдек, ФАОнинг Грузиядаги ваколатхонаси, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Барқарор ер бошқаруви миллий агентлигида бўлиб ўтган учрашувларда давлат сиёсати, ҳуқуқий асослар, ер ресурсларини мониторинг қилиш ва рўйхатга олиш тизимлари ҳақида тажриба алмашилди.
19 июнь куни лойиҳа раҳбари Н. Ғафуров халқаро панель сессияда сўзга чиқиб, Ўзбекистонда сув танқислиги шароитида амалга оширилаётган чоралар, жумладан, сув тежовчи технологиялар, ерларни лазерли текислаш ва агроэкологик ёндашувлар ҳақида тақдимот қилди.
Тадбир якунида минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, қўшни давлатлар билан тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.