Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лицензиясиз косметологларга мурожаат қилиш хавфлари ҳақида огоҳлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни косметология хизматларини танлашда эҳтиёткор бўлишга ва фақат лицензияга эга тиббиёт ташкилотларига мурожаат қилишга чақирди.
Вазирлик маълумотларига кўра, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар ёки айрим гўзаллик салонлари пешлавҳаларида аёллар сартарошхонаси, маникюр, педикюр хизматлари рўйхатида косметолог муолажалари билан боғлиқ эълонларга ҳам тез-тез кўзимиз тушмоқда.
ССВ бундай хизматлардан сўнг салбий оқибатларга дуч келган аёллар мурожаатлари кўпайганини таъкидлади. Ижтимоий тармоқларда ҳам косметик муаммолардан халос бўлиш учун мурожаат қилиб, аксинча янги ва кутилмаган муаммоларга дуч келганлар шикоятлари мунтазам эълон қилинади.
«Оддий гўзаллик салонлари ёки тиббиёт ташкилоти ҳисобланмайдиган турли косметология марказларида тегишли маълумотга эга бўлмаган шахслар тиббий косметология билан шуғулланаётгани бу муаммоларнинг бош омилидир», — деди Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Сабиров. Унинг сўзларига кўра, бундай шахслар якка тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтган бўлиб, расман ишлайдилар, лекин тиббий маълумотга эга эмаслар ва уларнинг фаолияти соғлиқни сақлаш органлари томонидан назорат қилинмайди.
Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотича, тиббий косметология хизматларига лицензияга эга хусусий тиббий ташкилотларда бундай асоратлар кузатилмаган.
Айни пайтда Ўзбекистонда тиббий косметология фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга 147 нодавлат тиббий ташкилот мавжуд бўлиб, уларнинг 94 таси Тошкентда жойлашган. Косметология хизматлари кўрсатадиган, лекин тиббий ташкилот мақомига эга бўлмаган гўзаллик салонлари сони эса анча юқори.
«Косметология тартиблари — бу тиббий фаолият бўлиб, уларни фақат шифокорлар амалга ошириши ва лицензияланиши шарт», — дея таъкидлашди вазирликда. Шу мақсадда, соҳадаги ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш учун тиббий косметология хизматларини кўрсатиш тартиби ва давлат тиббиёт муассасаларида косметолог шифокорлар фаолиятини тартибга солувчи тегишли буйруқ ишлаб чиқилган.
Вазирлик фуқароларга эҳтимолий асоратлардан огоҳлантирган ҳолда, фақат давлат тиббиёт муассасалари ёки лицензияга эга хусусий тиббий ташкилотлар хизматидан фойдаланишни қатъий тавсия қилди.
« Ўзингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз саломатлигини асранг», — дея огоҳлантирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.