Ўзбекистон снайперлари Жанубий Кореядаги халқаро мусобақада ғолиб бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги снайперлар жамоаси 8–15 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Кванджу вилоятида Республика армияси махсус операциялар қўмондонлиги ташаббуси билан ўтказилган II Халқаро мерганлар мусобақаси ғалаба қозонди.
Мусобақада АҚШ, Германия, Руминия, БАА, Қатар, Вьетнам, Таиланд, Монголия ва Жанубий Корея каби ўнта давлатдан 54 жамоа иштирок этди. Ўзбекистон номидан икки жамоа майдонга тушди.
Турнир дастури кундузги ва тунги тактик машқлар, оғир бурчак остида ва ноқулай паноҳлардан узоқ масофага отиш, нотаниш ҳудудда азимут бўйича яширин ҳаракатланиш, жисмоний ва руҳий босим шароитида ўқ отиш вазифаларини бажариш, пистолет ва автоматдан тезкор отиш, тактик тиббиётдан фойдаланиш, ҳаракатдаги техника ҳамда парвоздаги воситалардан отиш машқларини ўз ичига олди.
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси хорижий иштирокчилар орасида 539,5 балл тўплаб биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Вьетнам жамоасига (534,7 балл), учинчи ўрин эса АҚШга (519 балл) насиб этди.
Бу каби мусобақада ўзбек ҳарбийларининг бу иккинчи ютуғидир: 2024 йилда жамоа биринчи турнирда муносиб иккинчи ўринни олган эди.
Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ғолибларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар бу ютуқ кўп йиллик тайёргарлик ва ҳарбийлар профессионал маҳоратини ривожлантириш бўйича изчил ишлар самараси эканини таъкидладилар. Мудофаа вазирлиги жамоани ғалаба билан табриклади ва уларнинг халқаро майдонда яна янги ютуқларга эришишига ишонч билдирди.