Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Brightman BMC LLC компанияси ўртасида учрашув
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Биринчи Озарбайжон Халқаро Инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов ва Brightman BMC LLC компанияси директори Афет Ахмадова ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Brightman BMC LLC – 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, Zira Natural & Gourmet бренди остида қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ихтисослашган. 2017 йилдан буён компания маҳсулотлари Европа, АҚШ ва Япония каби бозорларга муваффақиятли етказилмоқда.
Мулоқот давомида тадбиркорлик, инвестиция ва савдо соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Афет Ахмадова компаниянинг Европа, Япония ва АҚШ бозорларига муваффақиятли чиқиш тажрибасига таянадиган ҳолда, Ўзбекистонда франчайзинг асосида ҳамкорлик йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Бу йўналиш замонавий бизнес амалиётларини жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса қишлоқ ҳудудлардаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва маҳаллий тадбиркорларни халқаро қиймат занжирларига интеграция қилишга хизмат қилади.
Ўз навбатида, Алишер Шайхов Палатанинг халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек кичик ва ўрта бизнеснинг барқарор ривожланишига кўмаклашувчи инновацион бизнес моделларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорликни тасдиқлаб, эришилган келишувлар келгусида самарали ҳамкорликка мустаҳкам асос бўлишини қайд этдилар.