Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Афғонистон тадбиркорлари билан савдо алоқаларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси (ACCI) раиси ўринбосари Ариян Азимий бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрган Афғонистон ишбилармонлари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида икки давлат бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо жараёнларини фаоллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Даврон Вахабов ўз навбатида ишончли ва барқарор ҳамкорликни таъминлаш, савдо интизомини кучайтириш ҳамда келишилган шартномаларнинг ўз вақтида бажарилиши муҳимлигини таъкидлади.
Савдо-саноат палатаси Сизларни ҳамкорликдаги келишувларга қатъий риоя этиш ва шартнома мажбуриятларини ўз вақтида бажаришга чақирди. Бу нафақат ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг халқаро савдо майдонидаги нуфузини ҳам оширади.
Шу билан бирга, экспорт фаолиятида ўзини масъулиятли, ишончли ва намунавий ҳамкор сифатида намоён этган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида намунали экспортёрлар рўйхатини шакллантириш режалаштирилмоқда.