Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жанубий Корея билан бизнес-форумга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жанубий Корея билан бизнес-форумга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Жанубий Кореянинг Herald Media Group холдинги бош директори Чхве Джин Ён бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Herald Media Group 1953 йилда ташкил этилган бўлиб, Жанубий Кореянинг йирик инглиз тилидаги медиа компанияларидан бири ҳисобланади. Компания Сеул шаҳрида жойлашган бўлиб, халқаро бизнес-форумлар ташкил этиш бўйича катта тажрибага эга ва Корея бизнеси ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасида самарали мулоқотни таъминлаб келмоқда.
Музокаралар чоғида жорий йил июнь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Корея бизнес форумини ўтказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Таъкидланганидек, ушбу тадбир сентябрь ойига мўлжалланган «Жанубий Корея — Марказий Осиё» биринчи саммити олдидан амалга ошириладиган тайёргарлик жараёнларининг муҳим қисми сифатида қаралмоқда.
Шунингдек, мазкур тадбир икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, B2B учрашувлар ташкил этиш ҳамда инвестициявий шерикликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, тадбир доирасида кореялик компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишини рағбатлантириш, янги ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш ва ўзаро амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон–Корея бизнес форумини самарали ташкил этиш ва тадбир доирасида манзилли бизнес учрашувларини ўтказиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.